Terining fiziologik vazifalari

Терининг физиологик вазифалари

Тери ҳимоя, секретор, иссиқликни идора этиш, ретсептор, нафас олиш ва резорбсия, моддалар алманишувида иштирок этиш, чиқарув каби вазифаларни бажаради.

Терининг ҳимоя вазифаси

Тери ўзига хос мураккаб тузилганлиги сабабли турли ташқи таъсирлардан сақлайдиган тўсиқ вазифасини ўтайди. Бир-бири билан зич жойлашган шохсимон қават ҳужайралари ва ёғли-сувли қобиғ (мантия) терини қуриб қолишидан ҳимоя қилади. Ёғли-сувли қобиқни тер ва ёғ безлари орқали тери сатҳига ажралиб чиқаётган ёғ, тер аралашмаси ҳосил қилади.

Терининг ҳимоя вазифалари ичида унинг микроорганизмлардан ҳимоя қилиши алоҳида аҳамиятга эга. Бу ҳимоя асосан, доимо янгиланиб турувчи эпителий ва тер сатҳига ажралиб чиқувчи тер ва ёғ таркибига боғлиқ. Бундан ташқари сувли-ёғли қобиғ кислотали муҳитга (РН- 5,5-6,2) эга бўлганлиги учун бу ҳам бактериостатик таъсир қилади (тер ва ёғ таркибидаги хлоридлар, кичик молекуляр ёғ кислоталари, гипохлоридлар, протеогликанлар ҳам бактериялар кўпайишига тўсқинлик қилади).
Оғиз шиллиқ қавати тузилиши ҳам тери тузилишига яқин бўлганлиги учун маълум бир ҳимоя вазифасини ўтайди, бу вазифа сўлак таркибидаги лизотсим ҳисобига янада кучаяди.

Терининг ҳимоя вазифаси ичида тери ва унинг остидаги тўқималарни ултрабинафша нурларидан (УБН) ҳимоя қилиши алоҳида аҳамиятга эга. Бу вазифа терининг эпидермис қавати ҳужайраларида жойлашган меланин ҳисобига амалга оширилади.
Меланин оқсили эпидермис ҳужайралари ядросининг устида соябон шаклида жойлашган бўлиб УБН учун тўсиқ (экран) вазифасини ўтайди. Агар бу экран бўлмаса УБН ҳужайра ядросини парчалаб ҳужайранинг нобуд бўлишига олиб келади ва турли даражадаги куйишлар келиб чиқиши мумкин. Бу ҳолат кўпрок албинизм ва витилиго билан хасталанган беморларда баҳор ва ёз ойларида баданнинг очиқ соҳаларида кузатилади. Шу сабабли меланин эпидермис ҳужайраларида қанчалик кўп бўлса организм қуёш нурларидан шунчалик мукаммал ҳимояланади.

Bezgak nima va uning belgilari qanday

Терининг секретор вазифаси

Бу вазифа кератинотситлар, иммунитетга боғлиқ ҳужайралар, ёғ ва тер безларининг фаолияти билан боғлиқ.
Эпидермиснинг асосий оқсили – кератиннинг ҳосил бўлиши кератинотситларнинг мураккаб секретор вазифаси ҳисобланади. Бу жараёнда эпидермиснинг барча қават ҳужайралари иштирок этиб, бу жараённинг фаоллиги гипофизар-буйрак усти бези тизими ҳолатига боғлиқ бўлади.

Терининг секретор фаолиятида тер ва ёғ безларининг аҳамияти жуда катта. Ёғ безлари таркибида ёғ кислоталари, холестерин эфирлари, алфатик алкогол, углеводородлар, глицирин, азот ва фосфат бирикмалари тутувчи ёғни ишлаб чиқаради. Ёғ безларида суюқ ёки ярим суюқ ҳолда бўлади ва ташқарига ажралиб чиққач, тер билан аралашиб ёғли-сувли қобиғни ҳосил қилади. Бу қобиғ бактерицид ва фунгицид таъсир қилиш хусусиятига эга бўлиб, терини тегишли микроорганизмлардан ҳимоя қилади, унинг юмшоқ ва майинлигини таъминлайди. Бундан ташқари ёғ безлари экскретор (ажратиш) вазифани ҳам ўтайди. Тер ёғи билан ташқарига ичакда ҳосил бўлувчи токсик ўрта молекулали пептидлар, доривор препаратлар – ёд, бром, антиприн, салицил кислотаси, эфедрин ва бошқа препаратлар ҳам ажралиб чиқади.

Иссиқликни идора этиш вазифаси

Бадан ҳароратини мўътадил бўлиши мураккаб жараён бўлиб, бу жараён шартли марказий ва переферик бошқарув ҳисобига амалга оширилади. Тери переферик иссиқликни идора этишда қатнашади. Терининг шохсимон қавати, дерма қавати ва айниқса, тери ости ёғ қавати иссиқликни қийинчилик билан ўтказувчи тўсиқ вазифасини ўтайди.

Ретсептор вазифаси

Асил тери ва нерв тизими онтогенез жараёнида бир эмбрионал – мезодерма қаватидан шаклланади. Шунинг учун ҳам бу тизимлар орасида жуда мураккаб функсионал боғлиқлик мавжуд. Организмда бирорта аъзо тери каби кўп ва турли тузилишга эга бўлган нерв охирларига эга эмас, шунинг учун ҳам тери сатҳини ўзига хос ретсептор майдони, деб ҳам аташ мумкин.

Улар ташқи муҳитдан турли тасиротларни қабул қилади, шунинг учун уларни экстроретсепторлар, деб аталади. Турли нерв охирларига эга бўлган ретсепторлар турли таъсирларни қабул қилганлиги уc ҳун улар механоретсепторларга, хеморетсепторларга, терморетсепторларга ва нотсиретсепторларга (оғриқ ретсепторларига) бўлинади. Морфологик жиҳатдан бу ретсепторлар озод (тутамлашган) ва ўралган (капсулали) бўлиши мумкин.

Нафас олиш ва резарбсион вазифаси.

Терининг резарбсион хусусияти сувли-ёғли қобиғ миқдорига ва сифатига, шохсимон қаватнинг мустаҳкамлигига боғлиқ. Физиологик гиперкератоз ҳисобига қўл ва оёқ кафтлари терисининг резорбсион фаолияти кам бўлади. Баданнинг тер ва ёғ безлари кўп жойлашган қисмларида бу хусусият яхши ривожланган бўлиб, ёғда ва сувда эрувчи дори воситалари, фенол бирикмалари, резорсин, салицил ва борат кислоталари ва уларнинг бирикмалари яхши сўрилади. Тери яллиғланган пайтда унинг резорбсион фаолияти кучаяди, шу сабабли маҳаллий ишлатиладиган дори воситалари консентрацияси терапевтик дозадан ошмаслиги лозим. Терининг нафас олишдаги иштироки жуда сезиларсиз, тери организм учун керак бўлган кислороднинг фақат 1/180 қисмини олишда, ажралаётган углеводороднинг эса 1/90 қисмини ажратишда катнашади холос.

Терининг моддалар алманишувидаги иштироки

Терининг бу фаолияти унинг депо (йиғиш, асраш) хусусияти билан боғлиқ. Терида асосан углеводлар, холестерин, ёд, бром, аминокислоталар, ўт кислоталари ва липидларнинг перекисли оксидланиши натижасида ҳосил булган турли шлаклар тўпланади. Шунинг учун ҳам модда алмашинувининг бузилиши билан кечадиган касалликларда, айниқса, қандли диабет ва жигар касалликларида асосий касаллик симптомлари пайдо бўлишидан анча олдин терида қичишиш, сарғайиш каби белгилар пайдо бўлади. Терида бундай моддаларнинг йиғилишида терининг бириктирувчи тўқималари, тери ёғ қаватлари гидрофоблигининг аҳамияти катта. Бундан ташқари шохсимон қаватга ташқаридан шимилган турли кимёвий бирикмалар терида бир неча ҳафталар давомида сақланиши мумкин.