Тиш оғриғини вақтинча камайтириш учун мос оғриқ қолдирувчи дори, илиқ тузли сув билан чайиш ва оғриқни кучайтирадиган овқатлардан сақланиш ёрдам бериши мумкин. Аммо бу усуллар кариес, тиш ичидаги яллиғланиш ёки инфексияни даволамайди. Оғриқ сабабини аниқлаш ва бартараф этиш учун стоматолог кўриги керак.
Mavzu davomida
Қачон шошилинч ёрдам керак?
Оғиз ёки бўйин шиши туфайли нафас олиш, ютиш ёки гапириш қийинлашса, дарҳол шошилинч тиббий ёрдамга мурожаат қилинг. Кўз атрофи ёки бўйинга тарқалган шиш ҳам тез баҳоланиши керак.
Юз ёки жағ шиши, иситма, оғизда ёмон таъм ва оғизни очиш қийинлашиши тиш абссесси — йиринг тўпланиши белгиси бўлиши мумкин. Бундай вазиятда стоматологга шошилинч мурожаат қилиш зарур.
Тиш нима сабабдан оғрийди?
Тиш оғриғининг кенг тарқалган сабабларидан бири — кариес, яъни тиш тўқималарининг емирилиши. Зарарланиш чуқурлашганда тиш ичидаги нерв ва қон томирлари жойлашган юмшоқ тўқима — пулпа — яллиғланиши мумкин.
Тишнинг ёрилиши, шикастланган пломба, милк муаммолари ва чиқаётган ақл тиши ҳам оғриқ келтириб чиқаради. Иссиқ ёки совуқ таъсирида санчиш эса тиш сезувчанлиги билан боғлиқ бўлиши мумкин. Оғриқ турига қараб уйда аниқ ташхис қўйиб бўлмайди.

Уй шароитида тиш оғриғини қандай енгиллаштириш мумкин?
Илиқ тузли сув билан чайиш
Бир стакан илиқ сувга ярим чой қошиқ туз эритиб, оғизни эҳтиёткорлик билан чайинг ва эритмани тупуринг. Уни ютманг. Бу усул стоматолог кўригигача вақтинча енгиллик бериши мумкин.
Болалар эритмани ютиб юбориши мумкинлиги сабабли, уларга бу усул тавсия этилмайди. НҲС
Юмшоқ овқат танлаш
Юмшоқ овқат енг ва оғриётган тишда чайнамасликка ҳаракат қилинг. Жуда иссиқ, совуқ ёки ширин маҳсулотлар оғриқни кучайтириши мумкин. Тишларни юмшоқ чўтка билан эҳтиёткорлик билан тозаланг. НҲС
Жароҳатдан кейин совуқ компресс
Тиш оғриғи урилиш ёки бошқа жароҳатдан кейин бошланган бўлса, ёноқнинг ташқи томонига совуқ компресс қўйиш ёрдам бериши мумкин. Музни бевосита терига теккизманг, матога ўранг.
Тиш орасига овқат тиқилиб қолган бўлса, уни тиш ипи билан эҳтиёткорлик билан чиқариш мумкин. Оғриқли милкни зўрлаб кавламанг ва ўткир буюм ишлатманг.
Тиш оғриғида қайси дори ёрдам беради?
Катталар ва ўсмирлардаги қисқа муддатли тиш оғриғида ибупрофен каби яллиғланишга қарши дорилар самарали бўлиши мумкин. Айрим ҳолатларда улар паратсетамол билан бирга қўлланади. Дори танлови ёш, бошқа касалликлар ва қабул қилинаётган препаратларга боғлиқ. (Америка Стоматология Ассотсиатсияси)
Ибупрофен ҳаммага мос келмайди. Ошқозон яраси, буйрак, юрак ёки жигар касаллиги, айрим дори аллергиялари бўлса, аввал мутахассис билан маслаҳатлашиш керак. Ҳомиладорликда уни шифокор тавсиясисиз қабул қилманг.
Дорининг йўриқномасидаги дозадан ошманг. Паратсетамол ичаётган бўлсангиз, бошқа шамоллаш ёки оғриқ дорисининг таркибида ҳам паратсетамол бор-йўқлигини текширинг: бир хил модда такроран қабул қилиниши ортиқча дозага олиб келиши мумкин.
Тиш оғриғида нималарни қилмаслик керак?
Аспирин ёки бошқа оғриқ қолдирувчи таблеткани тиш ва милк устига қўйманг. Бу милк тўқимасини куйдириши мумкин. Оғриқ қолдирувчи дори фақат унга белгиланган усулда қўлланади. (Маё Клиник)
Антибиотикни ўзбошимчалик билан бошламанг. Кўплаб тиш оғриқларида асосий ёрдам — тишнинг ўзини даволаш. Антибиотик зарурлигини стоматолог инфексия тарқалиши, иситма ва беморнинг умумий ҳолатига қараб белгилайди. У канални даволаш ёки йирингни чиқариш каби муолажаларнинг ўрнини босмайди.
Болалар ва ҳомиладорларда тиш оғриғи
Болага катталар учун белгиланган дозада дори берманг. Препарат боланинг ёши ва вазнига мос танланади; фарматсевт ёки шифокордан маслаҳат олинг. 16 ёшгача аспирин берилмайди. НҲС
Ҳомиладорлик тиш даволашни туғруққача кечиктириш учун сабаб эмас. Зарур пломба, канал даволаш ва тиш олиш каби муолажалар ҳомиладорликда ҳам бажарилиши мумкин. Стоматологга ҳомиладорлик муддати ва ичаётган дориларингизни айтинг.
Тиш оғриғи қандай даволанади?
Стоматолог оғриқ сабабига қараб даволашни танлайди. Кариесда зарарланган жой тозаланиб пломба қўйилиши, тиш ичидаги тўқималар зарарланганда эса канал даволаш керак бўлиши мумкин. Синган тиш ёки шикастланган пломба тикланади.
Абссесс бўлса, йирингни чиқариш ва инфексия манбасини бартараф этиш зарур. Айрим ҳолларда тишни олиш талаб қилинади.
Оғриқ кучли бўлса, уйқу бермаса ёки дори билан босилмаса, тезроқ стоматологга мурожаат қилинг. Вақтинча енгиллашиш даволанишга эҳтиёж қолмаганини билдирмайди; стоматологик ёрдамни бир неча кунлаб кечиктирмаслик керак.
Кўп сўраладиган саволлар
Тиш оғриғи нима сабабдан кечаси кучаяди?
Кучли тиш оғриғи, айниқса, кечаси бошланиши ёки кучайиши мумкин. Гормонал ўзгаришлар, қон томирлари ичидаги босимнинг ортиши ва қон томирларининг кенгайиши оғриқни кечаси янада кучлироқ ҳис қилишга сабаб бўлиши мумкин. Кечаси бошланган тиш оғриғида энг тўғри йўл — оғриқ қолдирувчи дори қабул қилиб, имкон қадар тезроқ стоматологга мурожаат қилишдир.
Стоматологга бориш қийин бўлган ҳолатларда оғриётган тиш атрофидаги милкка одеколон, спирт, аспирин ёки бошқа моддаларни суртиш мутлақо нотўғри ва хавфли ҳисобланади. Чунки бундай моддалар милкни таъсирлантириб, қўшимча оғриқ келтириб чиқариши мумкин. Оғриқ қолдирувчи восита сақловчи оғиз чайиш эритмалари ҳамда тузли сув билан чайиш беморнинг аҳволини бироз енгиллаштириши мумкин. Бироқ бу усуллар вақтинчалик ёрдам беради ва муаммони даволамайди. Энг тўғри йўл — оғриқни вақтинча камайтириш учун мос оғриқ қолдирувчи дори қабул қилиш ва имкон қадар тезроқ стоматолог кўригидан ўтишдир.
Тиш оғриғини энг тез нима босади?
Тиш оғриётган соҳанинг ташқи томонига совуқ компресс қўйиш шишни камайтириши ва шу орқали оғриқни енгиллаштириши мумкин. Бироқ тиш ёки милкка ош содаси ва сувдан тайёрланган қуюқ аралашмани суртиш тавсия этилмайди, чунки бу усулнинг хавфсизлиги ва самарадорлиги етарлича исботланмаган.
Тиш оғриғини нима йўқотади?
Тиш оғриғини тезда енгиллаштириш учун оғриқ қолдирувчи дори ёрдам бериши мумкин. Бироқ бундай дорилар оғриқнинг асосий сабабини бартараф этмайди, фақат вақтинча енгиллик беради. Бундан ташқари, совуқ компресс қўйиш ва оғизни тузли сув билан чайиш ҳам оғриқни камайтириши мумкин.
Кучли тиш оғриғида нима ёрдам беради?
Кучли тиш оғриғида оғриқ қолдирувчи дори вақтинчалик ёрдам бериши мумкин. Бундан ташқари, оғизни тузли сув билан чайиш ҳам енгиллик бериши мумкин. Агар оғриқ жуда кучли бўлса ёки давом этса, стоматологга мурожаат қилиш керак.
Кечаси ухлатмайдиган тиш оғриғида нима ёрдам беради?
Кечаси ухлатмайдиган тиш оғриғини енгиллаштириш учун оғриқ сезилаётган жойнинг ташқи томонига совуқ компресс қўйиш мумкин. Бунинг учун совуқ компрессни мато ёки сочиққа ўраб қўллаш маъқул. Шунингдек, оғизни тузли сув билан чайиш ҳам вақтинчалик енгиллик бериши мумкин.
Лўқиллаб оғрийдиган тишга нима ёрдам беради?
Тиш лўқиллаб оғриганда оғизни илиқ тузли сув билан чайиш оғриқни бироз енгиллаштириши мумкин. Агар милкда шиш ҳам бўлса, тузли сув билан чайиш вақтинчалик енгиллик бериши мумкин. Оғриқ жуда кучли ва лўқиллаб турса, мос оғриқ қолдирувчи воситадан фойдаланиш ҳамда стоматолог кўригидан ўтиш керак.
Тиш оғриғи бош оғриғига сабаб бўладими?
Ҳа, тиш оғриғи бош оғриғига сабаб бўлиши мумкин. Айниқса, жағ бўғими билан боғлиқ муаммолар, тиш абссесси ёки нервларнинг яллиғланиши атрофдаги нервлар орқали бош соҳасига тарқаладиган оғриқни келтириб чиқариши мумкин. Бош оғриғи узоқ давом этса, унинг тиш билан боғлиқ сабаблари ҳам текширилиши керак.
Тиш чўткаси тиш оғриғига сабаб бўладими?
Тишни нотўғри тозалаш усуллари ёки қаттиқ тукли тиш чўткасидан фойдаланиш тиш эмалига зарар етказиши ва милкларни таъсирлантириб, оғриқ келтириб чиқариши мумкин. Бундан ташқари, милк чекиниши кузатиладиган одамларда тишларни тозалаш вақтида сезувчанлик ва зирқираш пайдо бўлиши мумкин.