Mavzu davomida
17 ҳафта: ҳомилангиз катталиги гўёки авакододек
Ҳомиладорликнинг 17 ҳафтасида сизнинг оғирлик марказингиз ўзгаради. Яхши қад-қомат сизга бел оғриғидан ва мушакларнинг кераксиз кучланишидан қочишингизга ёрдам беради. Агар сиз оғир нарсаларни кўтаришингиз керак бўлса, тиззаларингизни букинг ва уларни сон мушакларидан кўпроқ ишлатинг.
Баъзи аёлларни қуймич нерви оғриғи жуда безовта қилади. Ушбу нерв сизнинг умуртқа поғонангиздан бошланади ва думба бўйлаб ва ҳар бир оёқнинг бутун узунлиги бўйлаб пастга тушади. Бачадон ва боланинг оғирлиги бу нервни сиққанда, сиз пастки қисмингизда ёки оёқларингизда ўткир оғриқни ҳис қиласиз. Агар бу содир бўлса, оғирлигингизни кўчириб, ўзгартиришга ҳаракат қилинг ва сизга қулай бўлган сондаги ёстиқ билан ухланг.
Оёғингизни тиззадан эгиб, ёнбошлаб, ёстиққа суянган ҳолда ётиш қуймич нервига босимни энгиллаштирасиз. Ёстиқчаларни тиззаларингиз остига қўйманг ёки узоқ вақт давомида бир хил ҳолатда ётманг. Бу қоннинг бир жойга йиғилишига ва қон тромблари ҳосил бўлиш хавфини ошишига олиб келиши мумкин. Яна бир фойдали маслаҳат, ўтирганингизда оёқларингизни кўтаришга ва уларни оёқлар учун мўлжалланган стулга қўйишга ҳаракат қилинг.
Тахминан ҳомиладорликнинг 17 ҳафтасидан бошлаб, баъзи аёллар қоринлари оғирлигини ушлаб туриш учун, ҳомиладорлик камарини тақиш керак деб ҳисоблайдилар. Кулманг! Қўллаб-қувватлайдиган ички кийим жуда қулай. Сиздан бошқа ҳеч ким ва эҳтимол сизнинг эрингиз ҳам ушбу қулайлик ҳақида билмаслиги мумкин.
Ойи, мени кўтаринг!
Агар сизда доим кўтаринг дейдиган фарзандингиз бўлса, ўзингиз ўтирган ҳолда унга тиззангизга чиқишни таклиф қилинг, кейин қучоқланг. Уйдан чиққанингизда уларни коляскага, супермаркетда бўлганингизда харид тележкасига солинг ёки эрингиз бўш бўлгандагина сайрга чиқинг. Пилатес, ёга, сув аеробикаси ва физиотерапия умуртқа поғонасини тўғри ҳолатда ушлаб турадиган мушакларни мустаҳкамлашга ёрдам беради.
17 ҳафтада танангиздаги жисмоний ўзгаришлар
Танангизнинг катта миқдордаги қон таъминоти, қишнинг ўртаси бўлса ҳам, сизда исиш ва қизаришни келтириб чиқариши мумкин. Бунда сиз ўзингизни касал деб ўйлаб, ҳароратингизни ўлчашингиз бефойда. Кафтларингизга боқинг, шунда қонингиз терининг юзасига қанчалик яқин эканлигини кўришингиз мумкин. Агар фолбинга ташриф буюрсангиз ва улар сизнинг кафтингизга қараб ҳомиладор эканлигингизни айтса, қўрқманг. Сизнинг қорнингиз ҳали кўринмаса ҳам, қизил кафт чизиқлари ҳомиладорликнинг бир белгиси ҳисобланади, фолбинлар маҳоратини акс эттирмайди.
Сиз оёқларингиздаги томирлар кўпроқ сезилаётганини, агар кўп туриб қолсангиз оёқларингиз оғришини сезишингиз мумкин. Агар олдин туққан бўлсангиз, ортиқча вазнга эга бўлсангиз ёки унга мойил бўлсангиз, сиз веналарнинг варикоз кенгайишига мойил бўлишингиз мумкин. Баъзи аёллар қонни оёқларга қайтаришга ёрдам берадиган чулки кийишлари керак бўлади. Иложи бўлса, оёқларни кўтариб ётишга ва ўтиришга ҳаракат қилинг.
Сочларингиздан шампуннинг рекламасида фойдаланиш мумкин. Соч одатда ўсиш ва тўкилиш фазаларидан ўтади, аммо ҳомиладорлик пайтида сочлар камроқ тўкилади. Шу сабабли ҳам кокиллар ялтирайди.
Ҳомиладорликнинг 17 ҳафтасида тирноқларингиз бироз ғалати кўриниши мумкин. Кўп аёллар ҳомиладорлик пайтида тирноқлари мўрт, кучсиз ва кўчадиган бўлиб қолаётганини кўришади. Тирноқлардаги лак сизга ёки болангизга зарар этказмайди, фақат уни ҳидидан нафас олмаслик учун яхши шамоллатиладиган жойда суринг.
17 ҳафтада сиздаги ҳиссий ўзгаришлар
Ҳомиладорликнинг 17 ҳафтасида бўлганингизда ғалати ўтиш даври содир бўлади. Сиз ҳали ҳам ҳомиладорга ўхшамаслигингиз мумкин, лекин одатий кийимларингиз жуда тор бўлиб қолади ва сиз гардеробингиздан шунчаки бирон бир нарсани олиб, кийиб кета олмайсиз. Агар бирор нарса сизнинг қорнингизга тўғри келса, кўкрагингизга мос келмаслиги мумкин. Кийим танлаш янада қийинлашди. Сиз нима кийишни ва нимага мос келишини танлашга ҳаракат қилганингизда кўз ёшлари пайдо бўлиши мумкин. Харид қилиш вақти келди! Харид қилиш терапияси – бу ҳолатда энг яхши дори ҳисобланади.
Бу ҳафтада сиз ота-она бўлишга қарор қилганингизга бироз қўрқиб, шубҳаланишингиз мумкин. Сиз ўзингизнинг қобилиятингизга, эрингизнинг болангизга ота бўлишга “мос”лигига шубҳаланишингиз, ўз шахсий тарбиянгиз ҳақида ўйлашингиз ва ҳатто сиз болани тарбиялашга қодирлигингиз ҳақида ўзингизга савол беришингиз мумкин. Булар ҳаммаси нормал шубҳалар бўлиб, сизнинг онгингизга таъсир қилиши мумкин, бу шубҳалар оқилона фикрлай олмаган вақтингизда, масалан ҳожатхонадалигингизда пайдо бўлиши мумкин. Эрингиз билан гаплашинг ва тинчланинг, бу безовталик деярли ҳар бир ҳомиладор аёлда бўлади.
Агар сиз доимо мустақил шахс бўлган бўлсангиз, бу давр сиз учун осон бўлмайди. Сиз эрингиздан ёрдам сўрашингиз керак бўлиши мумкин. Бу сизнинг қарам бўлиб қолишингизни ёки қобилиятсизлигингизни англатмайди, ҳомиладорлик кўп жиҳатдан умумий ҳолатдир ва сизнинг эрингиз ҳам сизга ёрдам бериши мумкинлигини ҳис қилиш имкониятидан баҳраманд бўлади.
17 ҳафтада болангиздаги ўзгаришлар
Сизнинг болангиз жуда тез ўсмоқда. Сўнгги икки ҳафта ичида унинг вазни икки баравар кўпайди ва бошидан товонигача 13 сантиметрга етди.
Сизнинг болангиз ҳали озғин, териси таранг тортилган. Кичкинтойингизни қон ва кислород билан таъминлайдиган қон томирлари шаффоф тери орқали кўриниб туради. Агар сиз юрак уришингизни ўлчасангиз (бош бармоғингизни билагингизнинг ички томонига босиб) ва уни иккига кўпайтирсангиз, болангизнинг юрак уриши келиб чиқади.
Кичкинтойингизнинг оёқлари тананинг қолган қисмига мутаносиб эмасдек кўринади. Улар қўлларидан узунроқ ва тизза ва тўпиқларда букилган. Унинг кичкина суякларида калсий тўплана бошлаган, шунинг учун ратсионингизда сутли маҳсулотлар бўлсин.

Ушбу босқичда, УТТда болангизнинг қайси жинсга мансублигини кўриш мумкин. Агар у қиз бола бўлса, унинг тухумдонларида бутун ҳаёти давомида бўладиган тухум ҳужайралар бўлади; тахминан 3 миллионта тухум ҳужайра. Агар болангиз ўғил бола бўлса, унинг мояклари ҳали анча юқорида, қоринда бўлади. Кичкина сўрғичлар болангизнинг кўкрак қафасида кўрина бошлайди.
Фарзандингизнинг дастлабки, чақалоқ ёки сут тишлари милкда шаклланган ва оғиз бўшлиғининг ривожланишида муҳим рол ўйнайди. Сиз истеъмол қиладиган ичимлик сувидаги кам миқдордаги фтор буларда ва кейин доимий тишларда кучли эмал шаклланишига ёрдам беради. Сизнинг болангиз эснай олади, чўзилади ва юзида гримаслар қилиши мумкин. У ҳали ҳам кўп ухлайди, лекин баъзан у ҳаракат қилишни ва бу мушакларни машқ қилдиришни хоҳлаб қолади.
Фарзандингизда энди бармоқ излари ривожланади. Иккита бир хил бармоқ излари бўлмайди ва бу сизнинг кичкинтойингизни бошқалардан ажратиб турадиган ҳақиқий ноёб белгиларидан биридир.
17 ҳафта учун маслаҳатлар
Агар сиз ўтирган ёки ётган бўлсангиз, тезда турмасликка ҳаракат қилинг. Биз ётганимизда ва тўсатдан турганимизда, қон босими автоматик равишда пасаяди, бу эса ҳушдан кетишга олиб келиши мумкин. Тик турган ҳолатда аста-секин ҳаракат қилинг, яъни танангизга кўникиши учун имкон беринг.
Агар сиз кўзойнак тақсангиз, кўриш ўткирлигини окулист қабулида текширтиринг. Сизга янги линза ретсепти керак бўлиши мумкин. Агар сиз одатда контак линзаларини тақсангиз, улар одатдагидек қулай эмаслигини ҳам сезишингиз мумкин. Кўзлардаги бундай ўзгаришлар ҳомиладорлик пайтида тез-тез учрайди, лекин кўпинча бола туғилгандан кейин йўқолиб кетади.
Агар сиз тошмаларга мойил бўлсангиз, гигиенангизни назорат қилинг. Чов соҳангиз, кўкрагингиз остлари ва қўлтиқ остидаги соҳа иссиқлик таъсирида ва тери ишқаланишидан азият чекади. Тез-тез душ қабул қилинг ва ички кийимингизни тез-тез алмаштиринг. Пахтали кийимлар ҳар доим энг афзали ҳисобланади, чунки у терингизннг нафас олишига ёрдам беради.
Кечқурун тинч ётинг ва қорнингизда нималар бўлаётганига эътибор беришга ҳаракат қилинг. Сиз болангиз ҳаракатларидаги биринчи тебранишларни сезишингиз мумкин, аммо агар бўлмаса, ташвишланманг. Агар биринчи фарзандингиз бўлса, одатда 18- ҳафта – сиз буни ҳис қиладиган вақт ҳисобланади.