Zaytun bargi foydalari nimalardan iborat?

Зайтун барги фойдалари нималардан иборат?

Bu maqolani sun'iy intellekt bilan xulosa qiling

Зайтун барглари — мевасидан ниҳоятда қимматли ва фойдали мой олинадиган зайтун дарахтидан олинади. Ўрта Ер денгизи ҳудуди ва Европа мамлакатларида қадим замонлардан бери халқ табобатида кенг қўлланиб келади. Таркибидаги фенолик, тритерпен ва флавоноид тузилишдаги фаол бирикмалар сабаб вирусга қарши (антивирал), антиоксидант ва саратонга қарши (антикансер) хусусиятларни намоён этади.

Зайтун баргларидан мой ажратиб олиниб ёки уларни қуритиб фойдаланиш мумкин. Қуритилган барглар чой қилиб дамланади ёки майдалаб таомларга қўшиб, бевосита истеъмол қилинади.

Зайтун барглари чой ёки кукун кўринишида истеъмол қилинганда ошқозон ва ичак муаммоларига, оғиз бўшлиғи ҳамда тиш саломатлигига, юрак касалликларининг олдини олишга фойда беради.

Зайтун баргидан олинган экстрактлар терида инфексия ривожланишининг олдини олади ва қаришга қарши таъсир кўрсатади. Зайтун барги экстракти фойдаси учун уни оғиз орқали истеъмол қилиш мумкин. Айрим ҳолатларда зайтун баргидан олинган мойлар мевасидан олинадиган зайтун мойи таркибига қўшилиши мумкин.

Зайтун барги қайси касалликларга фойдали?

Зайтун барги тери касалликларидан тортиб саратонгача бўлган кўплаб йўналишларда қўлланиши мумкин. Зайтун барги даволаш мақсадида ишлатилиши мумкин бўлган ҳолатлар қуйидагича:

Юрак касалликлари

Зайтун барги таркибидаги бирикмалар томирларнинг бўшашишига ёрдам беради. Қон босими юқори (гипертония) бўлганларда босимни мувозанатлаштиради ва юракка тушадиган юкни камайтиради. Холестерин юқорилиги одатда юрак–қон томир тизими касалликлари билан боғлиқ бўлади. Зайтун барги холестеринни пасайтиришга ёрдам беради. Томир ичида ҳосил бўладиган ивиндилар (тромблар)нинг олдини олиши мумкин. Юрак ва томир тиқилишларини камайтириб, юрак уришини меъёрлашишга кўмаклашади.

Семизлик ва диабет

Семизликка эга одамларда ортиқча вазн сабаб кўпинча диабет муаммоси ҳам учрайди. Баъзи кишиларда инсулин резистентлиги вазн ташлашни қийинлаштиради. Зайтун барги қондаги шакар миқдорини пасайтиради ва инсулин резистентлигига қарши курашда танланиши мумкин.

Вирусли касалликлар

Зайтун барги вирусларга қарши курашда жуда самарали ҳисобланади. Грипп, шамоллаш каби касалликларнинг аломатларини енгиллаштиради. Иммунитет тизимини мустаҳкамлаб, касалликлардан ҳимоя қилади. Вирус келиб чиқишли нафас йўллари касалликлари кучайганда ўпка бактериялар учун ҳам “нишон”га айланиб, касаллик чуқурлашиши мумкин. Зайтун барги антибактериал хусусияти билан бактерияларга қарши ҳам ҳимоя қилиши мумкин.

Саратон

Тажриба ҳайвонлари устида ўтказилган синовларда ўсма ҳужайраларининг ўсиши ва кўпайишига таъсири кузатилган. Кўкрак, мия ва сийдик пуфаги ўсмалари бўйича ижобий натижалар қайд этилган. Бироқ бу таъсирларнинг инсонларда қандай бўлишини аниқлаш учун кўпроқ тадқиқотлар талаб этилади.

Бошқа ҳолатлар

Терига суртиб қўлланганда қуёш доғлари ва қуёш сабаб юзага келган шикастланишларни камайтириши мумкин. Тери кўринишини янада соғлом ва тетик кўрсатишга ёрдам беради. Ёш ўтиши билан пайдо бўладиган майда чизиқлар ва ажинларни камайтиришга кўмаклашади.

Зайтун барги мияни ҳимоя қилувчи таъсир кўрсатиши мумкин. Унутувчанлик, депрессия, стресс каби мияга таъсир қилувчи муаммоларда қўлланиши мумкин. Шунингдек, организмда юзага келадиган яллиғланишни камайтиришга ёрдам беради. Ревматизм каби яллиғланиш (энфламатсия) билан боғлиқ касалликлар аломатларини енгиллаштириш мақсадида ишлатилиши мумкин.

Зайтун барги: фойдалари ва зарарлари

Даволаш ёки қўшимча (таквие) мақсадида ишлатиладиган табиий маҳсулотлар таркибидаги фаол моддалар сабаб нотўғри ёки меъёридан ортиқ қўлланганда зарарли таъсир кўрсатиши мумкин. Қўллашдан олдин табиий қўшимчаларнинг фойда ва зарарлари яхшилаб ўрганилиши, имкон бўлса мутахассис фикри олиниши керак.

Зайтун барги фойдалари

Зайтун барги антиоксидант, антибактериал, липидларни камайтирувчи (антилипидемик) ва саратонга қарши хусусиятларга эга бўлиши мумкин. Юрак саломатлигини асраш, диабетни назорат қилиш каби йўналишларда профилактик ва ёрдамчи восита сифатида танланиши мумкин. Зайтун барги фойдалари қуйидагича:

  • Липидларни камайтирувчи (антилипидемик) хусусияти билан холестеринни пасайтиришга ёрдам беради.
  • Қондаги шакар миқдори юқори бўлганда уни мувозанатлаштиришга кўмаклашади.
  • Нафас йўллари касалликларининг аломатларини енгиллаштиради. Астма, грипп, шамоллашда фойдали бўлиши мумкин.
  • Қон босимини пасайтиради, томирларни бўшаштиради. Томир тиқилишини олдини олишга кўмаклашиб, юрак-қон томир саломатлигини қўллаб-қувватлайди. Сийдик ҳайдовчи (диуретик) таъсири ҳисобига босимни туширишга ва ортиқча шишни чиқаришга ёрдам беради.
  • Аллергик модда организмга кирганда ҳимоя механизми гистамин ажралишини кучайтиради. Зайтун барги гистамин ажралишини камайтириб, аллергик реаксия таъсирини пасайтириши мумкин.
  • Яллиғланишга қарши (антиенфламатуар) таъсири билан яллиғланишли касалликларни даволашга ёрдамчи бўлиши мумкин. Ревматоид артрит (роматоит артрит) каби касалликлар таъсирини камайтиришга кўмаклашади.
  • Ошқозон ва ичак касалликларида қўлланиши мумкин. Ичакда касаллик чақирувчи бактериялардан халос бўлишга ёрдам беради.
  • Иммунитет тизимини мустаҳкамлаб, касалликларга қарши ҳимояни кучайтиради.

Зайтун барги зарарлари

Зайтун барги синтетик маҳсулотларга нисбатан ишончлироқ деб қаралади. Шунга қарамай, ҳар қандай маҳсулот тўғри доза ва усулда қўлланмаса токсик (заҳарловчи) таъсир кўрсатиши мумкин. Зайтун баргининг мумкин бўлган зарарлари:

  • Сурункали касаллиги бор ва дори қабул қиладиган кишилар зайтун баргини истеъмол қилса, дори ўзаро таъсири (интераксия) сабаб кутилмаган натижалар юзага келиши мумкин.
  • Ошқозони сезгир бўлганларда истеъмол қилганда кўнгил айниши, қорин оғриғи, қусиш ва ич кетиши каби ножўя таъсирлар кузатилиши мумкин. Бундай ҳолатда истеъмолни тўхтатиб туриш керак.
  • Қон шакари паст бўлганлар кўп миқдорда истеъмол қилса, қондаги шакар даражасида тебранишлар бўлиши мумкин.
  • Қон босимини туширувчи таъсири сабаб босим дориларини қабул қиладиганлар шифокор билан маслаҳатлашиб истеъмол қилгани маъқул.
  • Ҳомиладор ва эмизикли оналар аввал мутахассис билан маслаҳатлашиши лозим.

Зайтун барги чойи оздирадими?

Зайтун барги чойи фойдалари ичида энг кўп эътибор тортадиган таъсирлардан бири — озишга ёрдам бериши мумкинлигидир. Инсулин резистентлиги вазн ташлаш йўлидаги муҳим тўсиқлардан биридир. Зайтун барги чойи таркибидаги фаол моддалар ҳужайраларнинг инсулинга сезгирлигини оширишга ёрдам беради. Қон шакарининг кескин тебранишларини камайтиради. Сийдик ҳайдовчи (диуретик) хусусияти билан организмдаги шишни чиқаришга кўмаклашади. Ички аъзолардаги ёғланишни камайтиришга ёрдам бериши мумкин. Иштаҳани камайтириш ва овқатга “ҳужум” (тўсатдан кўп ейиш) ҳолатларининг олдини олишга фойдали бўлиши мумкин.

Зайтун барги чойи қандай тайёрланади?

Зайтун барги чойи фойдаси учун кундалик ҳаётда истеъмол қилинади. Чой тайёрлаш учун аввал зайтун барглари тозаланиб ювилади, устига юпқа мато ёпиб, яхшилаб қуритилади. Қуриган барглардан ўртача 1 ош қошиқ олинади. Қуруқ барглар устига 1 стакан қайноқ сув қуйилиб, тахминан 10 дақиқа дамланади. Сўнг барглар сузиб олинади ва чой иссиқ ҳолда ичилади. Таъмини ўзгартириш учун хоҳишга кўра лимон, асал каби маҳсулотлар қўшилиши мумкин.

Кўп бериладиган саволлар

Зайтун барги чойи коронавирус  учун ишлатиладими?

Зайтун барги чойи вирусга қарши (антивирал) хусусияти сабаб вирус келиб чиқишли касаллик бўлган коронавирус инфексиясини даволашда ёрдамчи сифатида танланиши мумкин. Ўпкани ҳимоя қилиши ва иммунитетни кучайтириши билан касаллик таъсирларини камайтиришда фойдали бўлиши эҳтимол. Даволашга ёрдам бериш мақсадида кунига истеъмол қилиниши мумкин.

Зайтун барги чойининг зарари борми?

Зайтун барги чойи фойдаси учун ичилса-да, табиий маҳсулотлар ҳам нотўғри ишлатилса зарар етказиши мумкин. Кунига икки пиёла истеъмол қилиш тавсия этилади. Қон шакарини ва қон босимини туширувчи таъсири сабаб босими паст ёки қони шакари паст бўлганларда салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Дори ичадиганларда дори ўзаро таъсири (интераксия) юзага келиб, исталмаган таъсирларга сабаб бўлиши мумкин. Ҳомиладор ва эмизикли оналар учун тавсия этилмайди. Айримларда жиғилдон қайнаши, кўнгил айниши, қорин оғриғи каби ножўя таъсирлар пайдо бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда истеъмолни давом эттирмаслик керак.

Зайтун барги чойи кунига қанча ичилиши мумкин?

Зайтун барги чойини кунига 2 марта — эрталаб ва кечқурун ичиш тавсия этилади. Энг кўпи билан 3 марта истеъмол қилиш мумкин. Уни 1,5–2 ой давомида ичиш мумкин.

Зайтун барги сийдик ҳайдовчими?

Ўсимлик чойларида одатда сийдик ҳайдовчи хусусият бўлади. Зайтун барги чой кўринишида ичилганда шишни чиқаришга ёрдам бериши ва сийдик ажралишини кўпайтириши мумкин.