Gidrosefaliya nima? Belgilari va davolash usullari qanday?

Гидротсефалия нима? Белгилари ва даволаш усуллари қандай?

Bu maqolani sun'iy intellekt bilan xulosa qiling

Гидротсефалия(Бош истисқоси) — орқа мия суюқлигининг(ОМС) миядаги бўшлиқларда ортиқча тўпланиб, бош ичидаги босимни ошириши ҳолатидир.

Орқа мия суюқлиги мия ва орқа мияда ишлаб чиқарилади ҳамда мияни ташқи таъсирлардан ҳимоя қилишга ёрдам беради. Бироқ бу суюқликнинг ҳаддан ташқари кўп бўлиши мия тўқималарига зарар етказиши ва мия фаолиятида турли бузилишларга сабаб бўлиши мумкин.

Гидротсефалияда жарроҳлик даволашнинг асосий мақсади — мияда орқа мия суюқлигининг нормал даражасини сақлашга ёрдам беришдир. Касаллик билан боғлиқ белгилар ва шикоятлар беморнинг ёшига қараб фарқ қилади. Айрим ҳолларда бош ҳажмининг катталашиши кузатилади. Бош оғриғи, қусиш, кўришнинг хиралашиши, когнитив муаммолар ва юришда қийинчилик каби неврологик белгилар тез-тез учрайди.

Гидротсефалия туфайли пайдо бўлган белгилар ёки функсионал бузилишларни бошқариш учун кўпинча бир неча хил даволаш усулларига эҳтиёж туғилади. Агар касаллик даволанмаса, ўлимга олиб келиши мумкин бўлган жиддий оқибатлар юзага келади.

Гидротсефалия нима?

Гидротсефалия — миянинг чуқур қисмларида жойлашган ва қоринча (вентрикул) деб аталадиган бўшлиқларда ортиқча суюқлик тўпланишидир. Бу тўпланиш кўпинча ортиқча суюқликнинг чиқиб кетишига тўсқинлик қиладиган тиқилиш сабабли юзага келади. Ортиқча суюқлик қоринчаларнинг ҳажмини катталаштиради ва мияга босим қилади.

Гидротсефалия ҳар қандай ёшда пайдо бўлиши мумкин, бироқ у чақалоқлар ва 60 ёшдан ошган катталар орасида кўпроқ учрайди.

Касалликнинг кечиши асосан унинг қанчалик тез ташхисланиши ва даволанишига, шунингдек, унинг остида бошқа бир касаллик бор-йўқлигига боғлиқ бўлади.

Гидротсефалия нима сабабдан юзага келади?

Орқа мия суюқлиги айрим шароитларда кўпайиб, гидротсефалия ривожланишига замин яратади. Бунга сабаб бўлиши мумкин бўлган омиллар қуйидагилар:

  • ОМСнинг нормал оқишига тўсқинлик қиладиган тиқилиш
  • Қон томирларининг ОМСни сўриб олиш қобилиятининг пасайиши
  • ОМС ишлаб чиқарилишининг ортиши

Орқа мия суюқлигининг ҳаддан ташқари кўп бўлиши мияга босим қилади. Бу босим мия тўқимасига зарар етказиши мумкин бўлган мия шишига олиб келиши мумкин.

Айрим ҳолларда гидротсефалия чақалоқ туғилишидан олдин бошланади. Туғма гидротсефалия қуйидаги ҳолатлар натижасида юзага келиши мумкин:

  • Она қорнида умуртқанинг бир қисмида очиқлик қолиши билан тавсифланадиган спина бифида деб аталувчи туғма нуқсон;
  • Генетик аномалия;
  • Ҳомиладорлик пайтида ўтказилган СМВ (ситомегаловирус), қизамиқча, тепки, захм ва токсоплазмоз каби инфексиялар.

Гидротсефалия, шунингдек, чақалоқлар, кичик болалар ва каттароқ болаларда қуйидаги сабаблар туфайли пайдо бўлиши мумкин:

  • Менингит каби марказий нерв тизими инфексиялари
  • Айниқса муддатидан олдин туғилган чақалоқларда туғруқ пайтида ёки ундан қисқа вақт ўтиб мияда қон кетиши
  • Туғруқдан олдин, туғруқ вақтида ёки туғруқдан кейин юзага келган жароҳатлар
  • Бош мия жароҳати
  • Марказий нерв тизими ўсмалари

Гидротсефалия белгилари қандай?

Гидротсефалия доимий мия шикастланишига сабаб бўлиши мумкин. Шу сабабли бу касалликда учрайдиган белгиларни таниш ва тезда тиббий ёрдам олиш муҳимдир. Гидротсефалиянинг белги ва аломатлари касаллик қайси ёшда бошланганига қараб фарқ қилади.

Чақалоқларда кузатиладиган белгилар

Кичик чақалоқларда гидротсефалиянинг кенг тарқалган белги ва аломатлари қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • Бош ҳажмининг тез катталашиши
  • Бошнинг одатдагидан катта бўлиши
  • Лиқилдоқнинг бўртиб чиқиши ёки таранглашиши
  • Қусиш
  • Уйқучанлик
  • Безовталик ёки жаҳлдорлик
  • Суст овқатланиш
  • Эпилептик тутқаноқлар
  • Кўзларнинг пастга қараб қотиб қолиши. Бу кўриниш “ботаётган қуёш манзараси” деб аталади
  • Мушак тонуси ва кучининг камайиши
  • Тегишга суст жавоб бериш
  • Ўсишнинг секинлашиши.

Каттароқ чақалоқлар ва болаларда кузатиладиган белгилар

Кичик болаларда қуйидаги белгилар кузатилиши мумкин:

  • Кўришнинг хиралашиши ёки икки кўриш
  • Кўзларнинг пастга қараб қотиб қолиши — “ботаётган қуёш манзараси”
  • Бошнинг ғайритабиий даражада катталашиши
  • Уйқучанлик ёки ланжлик
  • Бош оғриғи
  • Кўнгил айниши ёки қусиш
  • Мувозанат бузилиши
  • Координатсиянинг сустлиги
  • Иштаҳанинг йўқолиши
  • Эпилептик тутқаноқлар
  • Сийдикни ушлаб туролмаслик
  • Безовталик
  • Шахсиятдаги ўзгаришлар
  • Мактабдаги ўзлаштиришнинг пасайиши
  • Юриш ёки гапириш каби аввал эгалланган кўникмалар билан боғлиқ муаммолар

Катталарда кузатиладиган белгилар

Катта ёшдагиларда учрайдиган кенг тарқалган белги ва аломатлар қуйидагилар:

  • Уйқучанлик
  • Бош оғриғи
  • Координатсия ва мувозанатнинг йўқолиши
  • Сийдик пуфагини назорат қила олмаслик
  • Тез-тез сийдик чиқариш истаги
  • Кўриш бузилиши
  • Иш фаолиятига таъсир қилиши мумкин бўлган хотира ва диққат муаммолари ҳамда фикрлаш қобилиятининг пасайиши

Кексаларда кузатиладиган белгилар

60 ёш ва ундан катта одамларда гидротсефалия билан боғлиқ қуйидаги белгилар кўп учрайди:

  • Сийдик пуфагини назорат қила олмаслик ёки тез-тез сийдик чиқариш истаги
  • Хотира йўқолиши
  • Фикрлаш ёки мулоҳаза юритиш қобилиятининг аста-секин пасайиши
  • Юришда қийинчилик
  • Координатсия ёки мувозанатнинг сустлиги

Қачон шифокорга мурожаат қилиш керак?

Ҳар қандай ёш гуруҳида гидротсефалиядан шубҳа уйғотадиган белги ёки аломат кузатилса, дарҳол тиббий ёрдамга мурожаат қилиш керак. Гидротсефалия билан боғлиқ муаммоларга турли асосий касалликлар сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун ўз вақтида ташхис қўйилиши ва мос тиббий ёрдам кўрсатилиши муҳимдир.

Чақалоқлар ва кичик болаларда огоҳлантирувчи белги бўлиши мумкин бўлган аломатлар қуйидагилар:

  • Жуда ингичка ва баланд товушда йиғлаш
  • Эмиш ёки овқатланиш билан боғлиқ муаммолар
  • Сабаби тушунарсиз, такрорланувчи қусишлар
  • Бошини ҳаракатлантиришни ёки ётишни истамаслик
  • Нафас олишда қийинчилик
  • Эпилептик тутқаноқлар

Гидротсефалия ташхиси қандай қўйилади?

Ҳомиладорлик пайтида ўтказиладиган одатий пренатал ултратовуш текшируви орқали ривожланаётган ҳомилада гидротсефалия аниқланиши мумкин. Туғилгандан кейин чақалоқнинг бош айланаси мунтазам ўлчанади. Бош ҳажмидаги ҳар қандай ғайритабиийлик кейинги текширувлар учун йўналтирувчи омил бўлади.

Бундай ҳолатда аввало мия ултратовуш текшируви ўтказилади. Агар ултратовуш текшируви бирор аномалияни кўрсатса, янада батафсил маълумот берадиган МРТ (магнит-резонанс томография) ёки КТ (компютер томографияси) текшируви бажарилади.

Каттароқ болалар ёки катталарда гидротсефалия белгилари бўлса:

  • Беморнинг тиббий тарихи ўрганилади.
  • Жисмоний ва неврологик текширув ўтказилади.
  • КТ ёки МРТ каби тасвирлаш текшируви буюрилади.
MRT nima? MRT qanday olinadi?

Гидротсефалия қандай даволанади?

Гидротсефалия даволанмаса, ўлимга олиб келиши мумкин. Даволашдан мақсад — мияда янада кўпроқ шикастланиш пайдо бўлишининг олдини олишдир. Афсуски, илгари юзага келган мия шикастланишини ортга қайтаришнинг имкони йўқ. Даволаш эса БОСнинг нормал оқимини тиклаш учун амалга оширилади. Бунинг учун қуйидаги жарроҳлик усулларидан бири танланиши мумкин.

Шунт ўрнатиш

Гидротсефалияни даволашда энг кўп қўлланадиган усулдир. Шунт — узун найчадан ташкил топган, клапанли суюқлик чиқариш тизимидир. Клапан орқа мия суюқлигининг нормал тезликда ва тўғри йўналишда оқишига ёрдам беради.

Жарроҳлик амалиёти орқали шунтнинг бир учи мияга, иккинчи учи эса кўкрак ёки қорин бўшлиғига жойлаштирилади. Шу тариқа ортиқча суюқлик миядан чиқарилади ва найчанинг бошқа учидан оқиб чиқиб, тушган соҳада осонроқ сўрилади. Шунт кўпинча умр бўйи қолади ва унинг ишлашида муаммо бор-йўқлиги мунтазам назорат қилинади.

Вентрикулостомия

Вентрикулостомия деб аталадиган муолажа шунт даволашига муқобил сифатида танланиши мумкин.

Одатда қоринчалар орасида суюқлик оқимида тиқилиш бўлса, шу усул қўлланади. Бу жарроҳлик амалиёти мияда жойлашган ва қоринча (вентрикул) деб аталадиган бўшлиқларнинг тубида ёки икки қоринча орасида тешик очиш орқали бажарилади. Бу тешик БОСнинг миядан чиқиб кетишини таъминлайди.

Шунтлар айрим беморлар учун мос келмаслиги мумкин. Бемор шунт ўрнатиш учун мос ёки мос эмаслигини текшириш мақсадида қуйидаги усуллар қўлланади:

  • Люмбал пунксия. Орқа мия суюқлигининг бир қисми бел соҳасидан умуртқа каналига киритилган канула орқали умуртқа поғонасининг пастки қисмидан чиқарилади. Агар бу муолажа беморнинг юришида ёки ақлий кўникмаларида яхшиланиш берса, шунт ўрнатиш даволашда фойдали бўлиши эҳтимол юқори.
  • Люмбал инфузия тести. Бел соҳасидан умуртқа канали ичига суюқлик юборилаётган пайтда орқа мия суюқлиги босими ўлчанади. БОС босимининг маълум чегарадан юқори бўлиши беморлар шунт даволашидан фойда кўриши мумкинлигини билдиради.

Гидротсефалия асоратлари қандай?

Гидротсефалия билан боғлиқ асоратлар касалликнинг оғирлиги, қачон ривожлангани ва қандай кечаётганига боғлиқ. Агар чақалоқ туғилганда оғир гидротсефалия бўлса, мия шикастланиши ва жисмоний ногиронлик хавфи юқорироқ бўлади. Ҳолатлар жуда оғир бўлмаса ҳамда даволаш мос ва тез амалга оширилса, натижа яхшироқ бўлади.

Туғма гидротсефалияси бўлган чақалоқларда узоқ муддатли асоратларга олиб келиши мумкин бўлган доимий мия шикастланиши кузатилиши мумкин. Бундай болаларда кейинги ёш даврларида қуйидагилар пайдо бўлиши эҳтимоли бор:

  • Диққатни узоқ сақлаб тура олмаслик
  • Аутизм
  • Ўрганишдаги қийинчиликлар
  • Жисмоний координатсия муаммолари
  • Хотира билан боғлиқ муаммолар
  • Нутқ муаммолари
  • Кўриш муаммолари