Чуқур сув қўрқуви, бошқача номи билан талассофобия (тҳалассопҳобиа); денгиз, океан, ҳовуз, кўл каби катта сув ҳавзаларига ва у ерларга саёҳат қилишга нисбатан кучли ва доимий қўрқув туридир. Талассофобия катта сув ҳавзаларидан қўрқиш, денгизнинг улкан бўшлиғидан қўрқиш ва қуруқликдан узоқ масофада бўлишни ҳам ўз ичига олиши мумкин. Денгиз, океан, жуда чуқур ҳовуз ёки туби кўринмайдиган ҳар қандай сув ҳавзаси ушбу қўрқувни қўзғатиши мумкин.
Чуқур сув қўрқуви бўлган шахслар; чуқур сувларнинг чексизлик ва ноаниқлик ҳиссидан, поёнсиз кўринган сув ҳавзалари остида яшовчи жонзотлардан ва бу катта сувларда бошларига тушиши мумкин бўлган ҳодисалардан, ҳатто бевосита катта сув массаларидан қаттиқ қўрқадилар. Сув фобияси, тун фобияси, қоронғулик ёки чақмоқ фобияси каби, чуқур сув қўрқуви ҳам ечимсиз фобия эмас. Тўғри ёндашув ва даволаш билан чуқур сув қўрқувини енгиш йўллари мавжуд. Бунинг учун аввало инсон ўз қўрқувини енгишни хоҳлаши ва мияси буни қабул қилиши керак.
Mavzu davomida
Сувдан қўрқиш (Гидрофобия) нима?
Чуқур сув қўрқуви – океан, денгиз ёки ҳовуз каби катта сув ҳавзаларидан қўрқиш, безовталик ҳис қилиш ҳолатидир. Бу талассофобия (тҳалассопҳобиа) деб ҳам аталади. Ушбу қўрқувга эга инсонлар нафақат денгизга тушишдан хавотир оладилар, балки денгиз билан боғлиқ ҳар қандай тасвирни кўрганларида ҳам қўрқувни ҳис қиладилар.
Шу билан бирга, шахслар денгиз билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятда ҳам жиддий даражада безовталик ва ваҳима ҳолатига тушадилар. Экранда кўрган денгиз, океан, кўл каби катта сув ҳавзалари ҳам уларда безовталик ва хавотир ҳиссини уйғотиши мумкин. Бу шахсларда сув ҳавзаларига нисбатан кучли хавотир ривожланиши мумкин.

Чуқур сув қўрқуви нима учун пайдо бўлади?
Чуқур сув қўрқуви пайдо бўлишининг бир нечта омиллари бор. Махсус (спесифик) фобия бўлган денгиз қўрқуви, генетик ва атроф-муҳит омилларининг ушбу ҳолатни қўзғатиши билан бирга кучли ҳис қилиниши мумкин.
Чуқур сув қўрқувига эрта болалик давридаги травматик тажрибалар сабаб бўлиши маълум. Чўкиш, сув ютиш, денгиздан чиқа олмаслик ва денгизга тушиб кетиш каби салбий тажрибалар шахсларда чуқур сув қўрқувининг ривожланишига олиб келиши мумкин. Бироқ, денгиз ёки океан билан боғлиқ травматик тажрибалари бўлмаган одамлар ҳам ушбу қўрқувни бошдан кечиришлари мумкин.
Барча ўзига хос фобиялар ва махсус қўрқувларда бўлгани каби, денгиз қўрқувида ҳам ота-оналарнинг таъсири ҳақида гапириш мумкин. Она ва отада ривожланган денгиз қўрқуви бўлса, болаларда ҳам шунга ўхшаш хавотир ва қўрқувлар пайдо бўлиши мумкин. Мушуклардан қўрқадиган она боласини мушукларга яқинлаштирмагани каби, денгиз, ҳовуз каби чуқур сув ҳавзаларига нисбатан фобияси бўлган ота-она ҳам денгиздан ёки ёзги таътиллардан узоқ юради.
Шу сабабли, боланинг денгиз суви билан танишиши кеч ва ҳайратланарли бўлиши мумкин. Бинобарин, болада денгизга нисбатан хавотир пайдо бўлиши эҳтимоли бор.
Чуқур сув қўрқуви сабаблари нималар?
Чуқур сув қўрқуви табиий муҳит фобияси тоифасига кирувчи фобия туридир. Чуқур сув қўрқуви генетик, атроф-муҳит омиллари ёки бошдан кечирилган қўрқинчли тажрибалар туфайли келиб чиқиши мумкин.
Шунга кўра, чуқур сув қўрқуви сабаблари қуйидагича изоҳланиши мумкин:
Бошдан кечирилган қўрқинчли тажрибалар: Фобияларнинг асосида одатда шахсларнинг олдинроқ бошдан кечирган салбий ва травматик воқеалари ётади. Чуқур сув қўрқуви ҳам юз берган салбий ва травмага сабаб бўлган тажрибалар туфайли пайдо бўлиши мумкин. Бу айниқса болалик даврига бориб тақалади. Денгизда оёқнинг сув ўтларига ўралашиб қолиши, бирор балиқнинг болага қўрқинчли туюлиши, катта балиқларнинг сузиш жойига жуда яқин келиши каби ҳолатлар ушбу фобиянинг шаклланишини қўзғатиши мумкин. Ёлғиз сузиш, ҳовуз ёки денгизнинг чуқурлигини пайқаб қолиш ҳам бунинг сабабларидан бўлиши мумкин. Шунингдек, чўкиш хавфини бошдан кечириш ёки йўқолиб қолиш ҳиссини туйиш ҳам ушбу қўрқувнинг қўзғатувчилари бўлиши эҳтимоли бор.
Генетика: Физиологик соғлиқ муаммолари генлар орқали ўтгани каби, психологик касалликлар ҳам генлар орқали ўтиши мумкин. Чуқур сув қўрқуви ҳам психологик безовталикдир. Ҳозирча аниқ далил бўлмаса-да, талассофобиянинг ҳам генлар орқали ўтиш эҳтимоли мавжуд бўлиши мумкин.
Салбий намуналар ва турмуш тарзи: Ота-оналар билиб-билмай ёки истамасалар ҳам болаларда қўрқув ривожланишига сабаб бўлишлари мумкин. Ота-оналарнинг фобиялари фарзандларига ҳам таъсир қилиши мумкин. Чуқур сув қўрқуви бор ота-онанинг сувдан қўрқиши туфайли бола ҳам сувни қўрқинчли деб ўйлаши мумкин. Бу ҳолат болада ҳам чуқур сув қўрқуви пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Бунга нафақат ота-оналар, балки болаларнинг тенгдошлари ҳам сабаб бўлиши мумкин. Болалар ўртасида тенгдошлардан ўрганиш жуда кенг тарқалган ўрганиш усулидир. Ўртоғида талассофобия бўлиши болада ҳам талассофобия шаклланишига йўл очиши мумкин. Бундан ташқари, кўрилган филм, сериал ёки янгиликлар ҳам чуқур сув қўрқувига сабаб бўлиши мумкин.
Сувдан қўрқиш белгилари
Чуқур сув қўрқувининг ҳам бошқа фобияларга ўхшаш белгилари мавжуд.
Бу белгилар орасида қуйидагилар ўрин олади:
- Кўнгил айниши ва терлаш
- Юрак уриш тезлигининг ортиши
- Тўсатдан ортган қўрқув ва стресс
- Нафас олишда қийинчилик, нафас қисиши
- Кўкракда оғриқ ҳисси
- Ҳаддан ташқари кўп терлаш
- Бош айланиши
- Тўсатдан босган ўлим қўрқуви ҳисси
- Турган жойдан қочиш, узоқлашиш истаги
Чуқур сув қўрқуви қандай ўтиб кетади?
Агар чуқур сувлардан ва океанлардан тизимли равишда қўрқсангиз, ташхис қўйилгандан сўнг мутахассиснинг кўрсатмаларига амал қилишингиз мумкин. Ушбу касалликни даволашда турли хил техникалар қўлланилиши мумкин. Бу борада энг тўғри қарор сизни яқиндан танийдиган; муаммо, истак ва эҳтиёжларингизни тушунадиган мутахассис томонидан берилиши мумкин.
Қўлланилиши мумкин бўлган даволаш усуллари қуйидагича:
- Қўрқув обекти билан юзлаштириш усули (Эхпосуре тҳерапй)
- Когнитив хулқ-атвор терапияси
- Шахсга махсус дастурлар (ЭМДР каби)
Сиз денгиз бўйида бўлмасангиз ҳам, бирор қўзғатувчи омил қўрқувга боғлиқ хавотирнинг кучайишига сабаб бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда қуйидагиларни бажаришингиз фойдали бўлади:
- Тинчлантирувчи нафас машқлари
- Агар даволаниш жараёнида бўлсангиз, мутахассисингиз билан маслаҳатлашиш
- Мутахассисингиз билан белгилаган стратегияларни қўллаш
- Кўзларингизни юмиб, ижобий, сизни тинчлантирадиган хаёллар суриш
Тез-тез сўраладиган саволлар
Чуқур сув қўрқуви учун қайси шифокорга бориш керак?
Денгиз қўрқувини бошдан кечираётган шахслар, биринчи навбатда руҳий саломатлик мутахассиси билан кўришишлари керак. Шахс ташхис олиш учун психиатрга мурожаат қилиши мумкин. Кейинчалик, даволаниш учун психолог ёки психотерапевтга йўналтирилади.
Чуқур сув қўрқувини енгиш учун нималар қилиш керак? Денгиз қўрқувини бошдан кечираётган шахслар хавотир ва қўрқувларини енгиллаштириш мақсадида бўшашиш (релаксатсия) машқларини бажаришлари мумкин. Шунингдек, нафас машқлари ва медитатсия ҳам ташвишни камайтириш учун қўлланилиши мумкин.
Мунтазам уйқу режимига риоя қилиш ҳам анксиете ва хавотир даражасини пасайтиришда ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. Ташвиш кучайган пайтда сув ичиш ҳам сизни бир оз бўшаштиради. Шунингдек, қўрқувни қўзғатувчи омил билан тўқнаш келган пайтда сизни тинчлантирадиган тасаввурларни кўз олдингизга келтириш, ижобий фикрлаш ҳам енгиллик беради. Қўрқув кучайган онларда осмонга қараш ҳам фойдали бўлиши мумкин.