Тизза қопқоғи деб аталадиган пателла — тиззанинг олд қисмида жойлашган кичик ва ясси суякдир. Бу суяк юқори мушакларнинг кучини тизза соҳасининг пастки қисмига узатишда ҳамда ҳаракат вақтида тиззанинг букилишида иштирок этади.
Пателла болдир суяги билан сон суяги орасида жойлашган бўлиб, бу суяклар билан пайлар орқали боғланган. Унинг пастки юзасида бўғим тоғайлари мавжуд. Тизза қопқоғининг жойлашув жиҳатидан ташқарига силжиши ёки шу соҳада сиқилиб қолиши тизза қопқоғи оғриғининг энг кўп учрайдиган сабабларидан биридир. Оёққа ҳаракатланиш имконини берадиган тизза қопқоғи ва унинг остидаги тўқималарда юзага келадиган оғриқлар ҳаёт сифатини пасайтиради. Баъзи ҳолларда эса бу ҳолат тиззанинг ўз вазифасини бажара олмайдиган даражага етишига ҳам олиб келиши мумкин.
Mavzu davomida
Тизза қопқоғи оғриғи нима сабабдан пайдо бўлади?
Тизза қопқоғининг доимий равишда ортиқча юклама остида ишлатилиши натижасида бўғимдаги тоғай тўқимасининг емирилиши ёки бутунлай йўқолиб, суякнинг зарарланиши билан кечадиган остеоартрит, травма ва жароҳатлар, тизза қопқоғининг жойидан силжиши, тизза қопқоғи соҳасидаги ўсмалар, инфексия, ёғ тўқимаси ёки пайларнинг яллиғланиши, плика деб аталадиган тўқималарнинг емирилиши каби кўплаб ҳолатлар тизза қопқоғи оғриғига сабаб бўлиши мумкин.
Касаллик турига қараб оғриқнинг кучи ва характери фарқ қилиши мумкин, аммо уларнинг барчаси тизза қопқоғи ва тизза бўғими атрофида сезилади. Тизза қопқоғи оғриғини даволаш касаллик аниқ ташхис қилингандан кейин мутахассис шифокор томонидан белгиланади. Баъзи ҳолларда жарроҳлик аралашуви ҳам талаб қилиниши мумкин.
Тизза қопқоғи оғриғининг сабаблари нималардан иборат?
Кун давомида доимий бажариладиган юриш, туриш, югуриш каби ҳаракатлар билан бирга бутун тана оғирлигини кўтарадиган тизза бўғими жуда катта босимга дуч келади. Тизза қопқоғи оғриқлари кўпинча чарчоқ, ҳаддан ташқари фойдаланиш, зўриқиш, қарилик, травмалар, жойлашув силжишлари ва бошқа касалликлар билан боғлиқ ҳолда ривожланади.
Ягона сабабга эга бўлмаган тизза оғриқларининг аниқ ташхиси бемор тарихи, жисмоний кўрик ва зарур ҳолларда радиологик тасвирлаш текширувлари натижасида қўйилади. Оғриқ муайян ҳаракатларда, дам олиш вақтида ёки доимий тарзда пайдо бўлиши ҳам ташхис учун муҳимдир. Шунинг учун шифокор билан суҳбатда касаллик тарихини тўғри ва аниқ тушунтириш жуда муҳим.

Тизза қопқоғи силжиши нима?
Тизза қопқоғи оғриғи одатда тизза қопқоғининг жойлашув жиҳатидан силжиши натижасида юзага келадиган сиқилишлардан келиб чиқади. Тизза қопқоғи силжиши кўпинча ўтириб ишлайдиган одамларда учрайди. Аёлларга нисбатан эркакларда кўпроқ кузатиладиган бу ҳолат, асосан, оёқларни чалиштириб ўтирадиганларда учрайди.
Бундай ўтириш ҳолатида тизза қопқоғи ташқарига қараб силжийди. Бу ҳолат доимий такрорланганда тизза қопқоғидаги тоғай емирилиб, оғриқларга сабаб бўлади. Шунингдек, тез-тез оёқни оёқ устига қўйиб ўтирадиган ва узоқ вақт шу ҳолатда ҳаракатсиз қоладиган одамларда ҳам тизза қопқоғи силжиши кузатилади.
Беморлар одатда зинадан тушиб-чиқишда, чўккалаб туришда, югуришда ва узоқ вақт ўтирганда оғриқ сезадилар. Баъзи ҳолларда тизза қопқоқларида кўкариш ва шиш ҳам кузатилиши мумкин. Бундан ташқари, ҳаракат вақтида ғижирлаш ҳисси, тиззанинг “қулфланиб” қолиши, одамнинг ўз тана вазнини кўтара олмаслиги ва тиззада бўшашиш ҳисси ҳам пайдо бўлиши мумкин.
Ортопед-мутахассис тавсия қилган даволаш усуллари ёрдамида бемор бутунлай соғайиши мумкин. Касаллик даражасига қараб машқлар, тизза корсети, физиотерапия ёки жарроҳлик тавсия этилади. Агар бемор эрта босқичда мурожаат қилса, оғриқни камайтирувчи ва тоғай тўқимасини мустаҳкамловчи дори воситалари ҳамда машқлар дастури тавсия қилинади.
Кечиккан ҳолатларда эса артроскопик жарроҳлик орқали тизза қопқоғи жойига қайтарилади ва емирилган тўқималар тозаланади. Оператсия турига қараб бемор 3–4 ҳафтадан сўнг одатий кундалик ҳаётига қайтиши мумкин. Зарур ҳолларда тизза протези ҳам қўлланиши мумкин.
Тизза қопқоғи артрози нима?
Тизза қопқоғи — тиззанинг олд томонидаги махсус эгат устида жойлашган ясси суякдир. Тизза қопқоғи ушбу эгат бўйлаб бемалол ҳаракатланиши учун ҳар икки юза ҳам тоғай тўқимаси билан қопланган бўлади. Бу соҳадаги тоғайларнинг вақт ўтиши билан емирилиши бўғимнинг ҳам деформатсияланишига сабаб бўлади. Бу ҳолат пателлофеморал артроз, яъни тизза қопқоғи артрози деб аталади.
Беморлар одатда тизза қопқоғида сезгирлик ва оғриқ шикояти билан шифокорга мурожаат қилишади. Бундан ташқари, зинадан тушиб-чиқиш, чўккалаб туриш, ўрнидан туриш ва баъзи ҳолларда юриш вақтида ҳам оғриқ кучайиши мумкин.
Касалликнинг кечки босқичларида тиззадан чиқадиган ғижирлаш ва ишқаланиш товушлари бошқа одамлар томонидан ҳам эшитилиши мумкин. Артроз ҳам босқичма-босқич ривожланадиган касалликдир. Дастлаб тоғай тўқимасида юмшаш кузатилади, кейинги босқичларда эса суяк устидаги тоғай тўқимаси бутунлай йўқолиши ҳам мумкин.
Шунинг учун даволаш ёндашуви ҳам касаллик босқичига қараб белгиланади. Касалликнинг эрта даврида зарур бўлса, вазн камайтириш ва машқлар тавсия қилинади. Кечки босқичларда эса дори-дармон билан даволаш ёки жарроҳлик аралашуви керак бўлиши мумкин. Жарроҳлик йўли билан бўғим юзаси текисланади, зарур бўлса, тоғай кўчириб ўтказиш ёки бўғим протези қўлланилиши мумкин.
“Кино белгиси” нима?
Кинотеатрда, машина ўриндиғида ёки дарс хонасида тиззани буккан ҳолда узоқ вақт (1,5–2 соат) ҳаракатсиз ўтиргандан кейин тизза қопқоғи остида ёки атрофида пайдо бўладиган симиллаган, қаттиқ оғриқ ва ноқулайликка «кино белгиси» дейилади.
Жисмоний кўрик вақтида кам учраса-да, шиш ҳам кузатилиши мумкин. Оғриқнинг бўлмаслиги касаллик йўқлигини англатмайди, аммо кўпинча тизза букилган ҳолатда бажариладиган ишлар пайтида оғриқ кучаяди. Бемор узоқ вақт ўтиргандан кейин ўрнидан туришга ҳаракат қилганда оғриқ пайдо бўлади ёки кучаяди, шунингдек, қирсиллаган товуш эшитилиши мумкин. Бу товуш тоғайнинг юмшаши, йиртилиши ёки зарарланиши билан боғлиқ бўлади..

Батафсил касаллик тарихи ва жисмоний кўрикдан сўнг шифокор зарур деб ҳисобласа, қўшимча радиологик текширувлар буюриши мумкин. Агар ҳамроҳ патологик ҳолат мавжуд бўлса, ташхис қўйилади. Даволашда биринчи босқич сифатида тана ҳолати бўйича тавсиялар ва тегишли мушак гуруҳларини мустаҳкамлаш учун машқлар тавсия қилинади.
Аммо касаллик кечки босқичда бўлса, дори-дармон билан даволаш қўлланиб, тоғай тўқимасининг емирилиши давом этишини тўхтатишга ҳаракат қилинади. Зарарланишни камайтириш учун тиззага инексия қилиниши мумкин. Зарур ҳолларда артроскопик жарроҳлик аралашуви бажарилади.
Тизза қопқоғи тендинити нима?
Пателлар тендинит — тизза қопқоғи остида жойлашган мушак пайларининг, бошқача айтганда тендонларнинг яллиғланишидир. Умуман олганда, бу ҳолат кўп спорт билан шуғулланадиган одамларда учрайди. Югуриш ва сакраш ҳаракатлари кўп бўлган баскетбол каби спорт турлари билан шуғулланувчиларда бевосита зарба, кучли зўриқиш ёки такрорланувчи травмалар натижасида пайдо бўлади.
Тизза қопқоғининг пастки қисмида сезгирлик ва оғриқ сезилади. Сқуат машқларида, узоқ вақт ўтиргандан кейин ўрнидан турганда, зинадан тушиб-чиқишда ва такрорланувчи ҳаракатларда оғриқ пайдо бўлади.
Касаллик бошланғич даврида белги бермаслиги мумкин, радиологик тасвирлаш текширувларида ҳам натижалар нормал кўриниши мумкин. Одатда оғриққа шиш ҳам ҳамроҳ бўлади. Ўткир ривожланган ҳолатларда дам олиш шикоятларнинг камайишига ёрдам беради, аммо муаммони бутунлай бартараф этмайди.
Ташхис ортопедия ва травматология мутахассиси томонидан бемор тарихи, жисмоний кўрик ва зарур ҳолларда радиологик тасвирлаш текширувлари орқали қўйилади. Даволаш касаллик босқичига қараб белгиланади. Оператсиядан кейин кўп ҳолларда спортга қайтиш мумкин.
Тизза оғриқларининг бошқа кўплаб сабаблари ҳам бўлиши мумкин. Шунинг учун сизда бундай шикоят бўлса, ортопед-мутахассисга мурожаат қилиш эрта ташхис ва тезкор даволаш учун муҳимдир. Яхшироқ ва соғлом ҳаёт кечириш учун соғлиқ текширувларини ўз вақтида ўтказишни унутманг.