Dermatitlar nima va ularning turlari

Дерматитлар нима ва уларнинг турлари

Mavzu davomida

Дерматитлар нима

Терининг ўткир яллиғланишига дерматит, деб аталади. Дерматит касаллиги механик, физик, кимёвий ва биологик омиллар таъсири натижасида вужудга келиб, ташқи ва ички манбаларнинг салбий таъсири натижасида шаклланади. Агар оддий дерматитларнинг ҳосил бўлишига ташқи манбалар сабаб бўлса, аллергик дерматитларнинг шаклланишида эса ички манбаларнинг ҳам аҳамияти катта бўлади. Жумладан, овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликлари (гепатит, гастрит, энтероколит ва бошқалар) аллергик дерматитларнинг ривожланишини тезлаштириб юборади.

Мазкур касалликларга ҳали дучор бўлмаган беморларда, айниқса, ёш болаларда ичаклардаги сўрилиш жараёнининг сусайиши муҳим патогенетик рол ўйнайди. Шунингдек, асаб тизими ва ички секретсия безлари фаолиятининг бузилиши, модда алмашинувидаги ўзгаришлар ва иммунологик бузилишлар ҳам маълум аҳамият касб этади.
Дерматитларнинг 3 хил клиник шакллари тафовут этилади, булар оддий (артифициал) контакт, контакт аллергик ва токсикодермиялардан иборат бўлиб, уларнинг бундай кўринишда тафовут этилиши амалиётда катта аҳамият касб этади.

Оддий (артифициал) дерматитлар

Оддий (артифициал) дерматитларда терининг зарарланиши фақатгина ташқи тасиротлар таъсир этган жойдагина кузатилади.
Теридаги патологик жараённинг кўринарли даражада кечиши ва уни давомийлиги таъсир этаётган аллергеннинг кучи ва таъсир этиш вақтига боғлиқ бўлади. Таъсир этаётган омил таъсири четлатилса жараён кечиши орқага қайтади. Яллиғланишга сабаб бўлган омилларнинг таъсир даражасига қараб зарарланган соҳа терисида қизариш ва шиш пайдо бўлиши (эритематоз дерматит) ёки тери қизарган жойда пуфакча ва пуфаклар юзага келиши мумкин (буллёз дерматит). Шунингдек, яллиғланиш жараёни яра пайдо бўлиши ва терининг нобуд бўлиши (некроз) билан кечиши ҳам мумкин (некротик дерматит). Бошқача қилиб айтганда, оддий дерматитда яллиғланиш жараёни одатда ўткир ўтади. Бироқ ёш болаларда оддий дерматитлар кийим-кечак ва поябзалларнинг, паст ва юқори ҳароратнинг узоқ вақт давомида таъсир этиши натижасида ҳам шаклланади. Бундай оддий дерматитлар одатда сурункали кечади.
Сурункали давом этадиган оддий дерматитларда ҳам терининг қизариши, шишиши ва сувчираши, пуфакча, пуфак, шилиниш ва эрозия каби белгилар пайдо бўлади. Аниқ йиғилган анамнез, терига таъсир этган омилларни аниқлаш ҳамда клиник кўринишларга асосланган ҳолда оддий дерматитни аллергик сурункали дерматитлардан ажратиш мумкин.

Аллергик дерматит

Аллергик дерматит бу организмнинг маълум бир аллерген таъсирига нисбатан бўлган юқори сезувчанлиги тарзида намоён бўлади. Бу вақтда аллерген тери соҳаларининг чекланган соҳасига таъсир этса ҳам бутун организмнинг сезувчанлиги ҳолати ошиши кузатилади. Натижада жараён нафақат аллерген таъсир этган тери соҳасида, балки ундан узоқда бўлган тери соҳаларида ҳам давом этади. Аллергик жараённинг кўринарли бўлиши аллергенни таъсир этиш вақтига ва унинг кучига боғлиқ бўлмайди. Бундай дерматит- ларнинг клиник белгилари асл полиморфизм билан таърифланади, яллиғланиш жараёни яллиғланган доғ (эритема), пуфакчалар, тугунчалар ва сувчираган соҳалар шаклланиши билан ўтади.

Терининг яллиғланишига сабаб бўлган омилнинг турига қараб тошмаларнинг тури ва табиати турлича бўлиши мумкин. Масалан, овқат маҳсулотларининг сенсибилизацияси натижасида шаклланган аллергик дерматитларда кўпинча пушти рангли эритемалар ва пуфакчалар пайдо бўлса, доривор моддалардан пайдо бўлган аллергик дерматитларда эса йирик-йирик пуфаклар ва геморрагик доғлар кўп кузатилади. Умуман олганда аллергик дерматитларнинг икки тури тафовут этилади: контакт аллергик дерматитлар ва токсик аллергик дерматитлар. Контакт аллергик дерматитлар аллергенларнинг терига бевосита таъсир этиши натижасида юзага чиқади. Бунда терининг сезувчанлигини оширувчи моддалар бевосита терининг аллергик яллиғланишига олиб келади.

Токсик аллергик дерматитлар аллергенларнинг бемор организмига нафас олиш ва ҳазм йўллари орқали таъсири натижасида, шунингдек, турли-туман кимёвий моддаларни томир ичига ва мушак орасига юбориш оқибатида шаклланади. Токсик аллергик дерматитлар токсидермиялар, деб ҳам аталади.

Токсикодермия

Токсикодермия бу теридан бошқа йўллар орқали кирган аллерген моддаларига нисбатан организмнинг нафақат юқори сезувчанлик (сенсибилизация) ҳолати, балки заҳарланиш (интоксикация) ҳолати билан намоён бўлишидир. Кўпинча бундай манзара дори воситаларига нисбатан организмнинг жавоб реаксияси жараёни натижасида вужудга келади. Клиник жиҳатидан токсикодермия касаллиги эритема, тугунчали ёки тугунчали- пуфакчали ҳамда пуфакли тошмалар кўринишида намоён бўлади.
Кўпинча бундай тошмаларнинг нафақат тери соҳаларига, балки шиллиқ қаватларга ҳам тарқалиши кузатилади.

Айрим ҳолларда токсикодермиялар қандай дори воситаларининг заҳарли таъсиридан сўнг пайдо бўлганлигини аниқлаш мумкин, масалан ёд ва бром дори воситалари таъсиридан сўнг тери соҳаларида уларга хос бўлган ҳуснбузарсимон тошмалар тарзида, ўсимталар ёки тугунлар тарзида намоён бўлади, сулфаниламид дори воситаларидан сўнг эса жараён тўққизил, қўнғирсимон чегараланган ўчоқлар тарзида намоён бўлади. Токсикодермия касаллигининг ўзига хос бўлган клиник шаклларидан бири

Лаелланинг токсико-аллергик пуфакли эпидермал некролизи ҳисобланади. Касаллик бирдан тери ва шиллиқ қаватларда катта ҳажмдаги, тўққизил яллиғланган ўчоқларнинг пайдо бўлиши ҳамда улар асосида эса пуфакли тошмаларнинг кузатилиши билан бошланади.
Пуфакли тошмаларни ёрилиши пўсти тез кўчадиган эрозияларнинг ҳосил бўлишига олиб келади, уларнинг сатҳи ҳўлланиб турувчан бўлиб, Николский белгиси мусбат кўринишда бўлади. Беморларнинг умумий аҳволи оғир бўлади, уларда ҳолсизлик, бадан қақшаши, дармонсизлик, иштаҳанинг пасайиши, тана ҳароратларинг септик 39°-40° даражагача кўтарилиши, юрак ва буйрак фаолиятларининг бузилиши кабилар кузатилади.