Mavzu davomida
Экзема нима
Экзема касаллиги – терининг аллергик касаллиги бўлиб, бошланиши ўткир, кейинчалик эса сурункали-қайталама кечадиган тошма элементлари полиморфизм кўринишида намоён бўлади.
Экзема сўзи юнонча «есзео” сўзидан олинган бўлиб, «қайнаш”, деган маънони англатади. Касалликнинг келиб чиқишида асаб, эндокрин тизимлари, модда алмашинуви ва иммун механизмлар фаолиятининг бузилиши ҳамда касалликка нисбатан бўлган ирсий мойиллик каби омилларнинг бўлиши муҳим аҳамият касб этади.
Экзема жараёни юқорида қайд этилган этиологик омиллар натижасида ҳамда экзоген факторлар таъсирида ривожланади.
Экзоген таассуротлар сифатида касалликнинг вужудга келишида кимиёвий, физик, механик, биологик, бактериал, косметологик омиллар ҳам асосий ўрин тутади. Экзема касаллиги бошида организмни аллергик сезувчанлиги (реактивлиги) моноволент кўринишида намоён бўлади, кейинчалик эса организмнинг турли тасиротлар ва аллергенларга нисбатан сезувчанлик ҳолати орта бориши қайд этилади, бошқача қилиб айтганда поливалент кўринишидаги сезувчанлик ҳолати юзага келади.
Шундай қилиб, экзема касаллиги асосида аллергик жараённинг аста-секин ривожланиб бориш ҳолати ётади, бундай ҳолат эса ўз-ўзидан касалликнинг табиатини, унинг кечиши белгилаб беради. Экзема касаллиги кечиши кўп ҳолларда йил фаслларига боғлиқ кўринишда кечади, масалан, хақиқий экзема касаллиги баҳор ойларида қўзғалса, унинг микробли тури эса куз ойларида қўзғайди.
Болаларда экзема касаллигининг вужудга келиши ва шаклланишида юқорида келтирилган омиллардан ташқари касалликка бўлган ирсий мойиллик ҳолати ҳам катта ўрин тутади.
Бундан ташқари ҳомила даври, туғилиш жараёнининг патологик кўринишларида, туғруқнинг асоратли кечиши, эрта кўкракдан ажратиш, қўшимча овқатларнинг эрта берилиши, гижжа инфексиялари, турли кўринишда бўлган ўчоқли инфексияларнинг мавжудлиги болаларда аллергик жараённинг аввалига ўткир, кейинчалик эса секин-аста ривожланиши асосида экзема касаллиги тошмаларининг намоён бўлишига ва касалликнинг шаклланишига сабаб бўлади.
Экзема касаллигининг табиатини тушуниш учун албатта, экзема жараёнининг кечиш босқичларини тафовут этиш лозим. Экзема касаллиги ривожида қуйидаги босқичлар кузатилади: эритемали – тугунчали – пуфакчали- йирингчали – сувчираш – қатқалоқли – қипиқли – тикланиш босқичлари. Юқорида саналган босқичларнинг навбатма-навбат ўтиши шарт эмас. Касалликнинг турига ва даво чораларига боғлиқ ҳолда у ёки бу босқичлар кузатилмаслиги ҳам мумкин.

Экзема касаллигининг ягона қабул қилинган классификацияси йўқ. Касалликнинг кечиши бўйича ўткир, ярим ўткир ва сурункали ҳиллари тафовут этилади. Клиник турлари бўйича ҳақиқий ёки идиопатик (пруригиноз, дисгидротик), микробли (нуммуляр варикоз, сикозсимон, кўкрак бези сўрғичи экземаси), себорейяли, касбга алоқадор ва болалар экземалари тафовут этилади.
Чин экзема
Чин экзема касаллиги гўдакларда ҳаётларининг 3-6 ойликларидан бошланади, патологик жараён юз тери соҳаси, ёноқларда асосан симметрик ҳолатда жойлашади. Ўчоқларда тўққизил рангли эритема, унинг асосида эса серозли тугунчалар, пуфакчалар кузатилади, улар эса ўз навбатида тезда ёрилишга ва касалликка хос бўлган эрозияларнинг ҳосил бўлишига сабаб бўлади.
Бундай кўринишда бўлган ўзгаришлар «сероз қудуқлари” деб номланади. Жараённи кечишида бурун-лаб учбурчаги соҳасида касаллик белгилари кузатилмайди. Кейинчалик бундай серозли ўчоқлар бир-бири билан қўшилишиб, катта ҳажмдаги ҳўлланиб турувчи ўчоқларни ҳосил қилади, улар сатҳи қобиғлар билан қопланиб туради. Кейинчалик жараён тана тери соҳаларига, думба, қўл ва оёқларга тарқалиши мумкин. Жараён қичишиш, безовталаниш, уйқусизлик, иштаҳанинг бузилиши ҳамда умумий аҳволнинг ўзгариши билан кечади.
Себореяли экзема
Себореяли экзема касаллиги ўчоқлари тананинг юқори қисмида, кўпинча бошнинг сочли қисми, қулоқ супраси ва унинг атрофида, юз териси, кўкрак ва елка соҳаларида жойлашади.
Касалланган ўчоқларда думалоқ овал кўринишида бўлган, сатҳи пушти қизил-сариқ рангли қазғоқ ва қипиқлардан иборат ўчоқлар кузатилади. Бошнинг сочли соҳаларида жойлашган ўчоқларда кучли қазғоқланиш, қипиқланиш кузатилиб, қулоқ супраси ва орти соҳаларида ва бурамаларда сероз-йирингли экссудациядан иборат ёрилишлар кузатилади. Беморларни кўпинча қичишиш безовта қилади, жараён ярим ўткир кўринишда кечади.
Микробли экзема
Микробли экзема чин экзема касаллигидан келиб чиқиш сабаби, кечиши ҳамда клиник кўриниши билан фарқланади.
Касалликни юзага келишида стафилококкли, стрепкококкли, патоген замбуруғлар алоҳида ўрин тутади. Ушбу микроорганизмлар ва уларнинг токсинларига нисбатан бемор организми тери орқали маҳаллий жавоб реаксиясини беради ва касаллик белгилари намоён бўлади. Касаллик белгилари дастлаб, йирингли тошмалар сифатида пайдо бўлиб, кейинчалик унинг қашланиши натижасида ўрнида микробли экзема касаллигига хос бўлган касаллик ўчоғи шаклланади.
Касалликнинг патологик ўчоқлари асосан ассиметрик кўринишда бўлиб, асосан болдир, қўл кафти орти тери соҳаларида жойлашади. Ўчоқлар аниқ чегарали кўринишда бўлиб, атроф тери соҳаларига кенгайишга мойил бўлади, ўчоқлар соҳасида қизариш, тугунчали, пуфакчали, йирингчали тошмалар кузатилади, улар сатҳи серозли-йирингли экссудат ва ва қатқалоқлардан иборат бўлади.
Касаллик ярим ўткир кўришда кечади.